БЮРОКРАТИК МАШИНАНИНГ АҚЛСИЗЛИГИ ЁМОН ОҚИБАТЛАРГА ОЛИБ КЕЛИШИ МУМКИН
Юлий Юсупов (Matn tarjimasi Abass Assad)
Сўнгги йилда (ва айниқса сўнгги ярим йил ичида) лойиҳалар ва норматив ҳужжатларнинг чинакамига вакханалияси кузатилмоқда. Улар давлатни ислоҳот қилишга, давлат органларининг иқтисодиётга аралашувини камайтиришга, бизнес юритиш бўйича ҳаммага тенг шароитлар яратиб берилишга, хусусий мулк ҳимоясига қаратилганда ҳам майли эди, аммо асло бундай эмас. Қабул қилинаётган лойиҳалар ва норматив ҳужжатларнинг аксарияти рақобатни синдиришга, мулозимлар ҳукмдорлиги кучайтиришга ҳамда алоҳида компаниялар учун имтиёзлар яратилишга қаратилган.
Бож тўловларининг кўтарилиши, импортга қарши қўшимча тўсиқларнинг яратилиши (бу соҳадаги фантазиянинг умуман тормози йўқ деган тасаввур пайдо бўлган), алоҳида компаниялар ва соҳаларга имтиёзларнинг тақдим этилиши (кўпинча қандайдир ўғрисифат ташкилотнинг устунлигига урғу берган ҳолда) ва ҳоказо ва ҳоказолардан иборат аксилислоҳотларнинг кучли тўлқини юзага келган. Эътиборга сазавор ери шундаки, бу каби норматив актлар узра ҳаммага таниш бўлган улкан компания – “Артель” ва унинг сателлитларининг “қулоқлари чиқиб турибди”. Гўё бизнинг барча вазирликлар ва маҳкамаларимиз фақат шу компаниянинг манфаатлари учун ишлаётгандек ҳис вужудни эгаллаб олган.
Ва бу ишларнинг ҳаммасини ИСЛОҲОТЛАР деб аташдан уялмаяптилар.
Сўнгги пайтда кимларнингдир манфаати ва амалдорларнинг ҳукмини кучайтириш йўлидаги жиҳодда иштирок этмаган вазирлик ва маҳкамалар қолмади ҳисобда: Божхона қўмитаси (алоҳида турдаги маҳсулотларнинг экспорт нархларини тартибга солиш), “Ўзбекистон темир йўллари” (хусусий ароқ заводини солиқлардан озод этилиши), “Ўзчармсаноат” (импорт пойафзалларга тарифларни кўтариш ташаббуси билан чиқиши), Молия вазирлиги (электротехника саноати учун имтиёзларни ҳимоя қилиш, солиқ органларини мисли кўрилмаган ваколатлар билан кучайтириш), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Савддо-саноат палатаси (бож тўловларини кўтариш), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (озиқ-овқат маҳсулотлари импортига янги талабларни кўтариб чиқиш), Ветиринария қўмитаси (Мўғулистон билан дотацияланган ҳаво йўлакчаси, ундан фақат сараланган компаниялар фойдалана оладилар), Ўзстандарт (аллақачон бекор қилиниш керак бўлган мажбурий сертификациялаш қоидаларининг кучайтирилиши плюс импорт учун янги сюрпризлар), Хборот технологияларини ривожлантириш вазирлиги (мобил мосламаларни рўйхатга олиш). Бу рўйхатни яна анча давом эттириш мумкинлигидан ваҳимага тушиб кетяпман. Қизиғи шундаки, мазкур ҳужжатлардаги кўплаб ғояларни ҳеч қўрқмай аҳмоқона деб аташ мумкин. Яхшиямки, уларнинг баъзиларини амалга ошириш ишлари тўхтатиб қўйилди.
Ҳатто Антимонополия қўмитаси ҳам қатордан қолмади: ўта муҳим бўлган муаммони (онкологик касалликларни даволаш ва профилактикаси) ҳал қилиш учун 15 та янги солиқ турларини “ихтиро қилишдан” бошқа ғоя топа олмади. Ақл бовар қилмайдиган ишлар!
Жаноб амалдорлар, аксариятингиз ислоҳотларни ёмон кўришларингизни, уларни обрўсизлантиришга уринаётганингизни; “танимасни сийламас”лик ортидан гарчи, юракда оғриқ билан бўлса-да шахсий ва идора манфаати йўлида (ва албатта “бешинчи колонага ҳамда ғарб империалистларига Ватанимизни тўнашига йўл қўймамиз!” шиори остида) жамоатчилик манфаатларини қурбон қилиш; мураккаб муаммоларни ҳал қилиш учун мияни қотириб ўтирмай ва ўз ҳаётини енгиллатиш мақсадида, ушбу воситаларни қўллаш учун жамият ва иқтисодиёт тўлаши мумкин бўлган нархларга эътибор бермай оддий, тўпори, бироқ биз учун одатий бўлган услубларни қўллаш осонлигини (ниманидир тақиқлаш, кимгадир имтиёзлар бериш, қўшимча бюрократик процедураларни яратиш, янги солиқларни жорий қилиш) яхши тушунаман.
Бироқ ўзларингизнинг сай-ҳаракатларингиз билан бир кун келиб одамларнинг паймонасини тўлдиришингизни ва бунинг натижаси ўлароқ халқ қўзғолон кўтариши мумкинлигини наҳотки тушунмасангиз? Шундай бўладиган бўлса, аҳволингиз жуда оғир бўлиб қолиши мумкин. Пировардида, одам деган махсулқда қандайдир ўз-ўзини асраш, эҳтиёт қилиш инстикти ҳам бўлиши керак-ку?! Нима ишларни қилаётганингиз ҳақида ўйлаб кўринг!