«ISLOHOTLAR VEKTORI» / «ВЕКТОР РЕФОРМ» экспертлар кенгаши ҚҚС ставкасини пасайтириш ва солиқ маъмурчилигини қисқартиришни қўллаб-қувватлади

Текст на русском языке

 

2019 йил 7 сентябрь куни «ISLOHOTLAR VEKTORI» / «ВЕКТОР РЕФОРМ» лойиҳаси Экспертлар кенгашининг йиғилишида қуйидаги қарор қабул қилинди:

“Ислоҳотлар вектори” лойиҳаси эксперт кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони билан бошланган солиқ ислоҳотларини амалга оширишнинг долзарб муаммоларига эътибор бериш муҳим деб ҳисоблайди.

Солиқ ислоҳоти бизнес учун солиқ ва маъмурчилик юкини камайтириш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва қонунийлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тизимини тубдан қайта қуришга қаратилган. Бироқ, солиқ ислоҳотларининг бир қатор мақсадларига эришилмади, бу эса мамлакатдаги ишбилармонлик муҳити ва ишбилармонлик фаоллигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Хусусан, солиқ солишнинг умумий ва соддалаштирилган тартиблари ўртасидаги тафовутни камайтириш муаммоси тўлиқ ҳал қилинмади. Натижада, иқтисодиётнинг айрим тармоқларида умумий ва соддалаштирилган тартибдаги корхоналар тенг бўлмаган шароитларда фаолият кўрсатмоқда. Бу умумий тартибдаги корхоналарнинг даромадларини яширишга ва солиқларни тўлашдан қочиш учун ўз бизнесларини кичиклаштиришга ундайди. Ушбу ҳолат солиқ ислоҳотларининг яна бир вазифаси – айланма маблағ (даромад) солиқларининг таъсир доирасини камайтиришга тўсқинлик қилмоқда.

Бизнинг фикримизча, юқоридаги муаммоларнинг асосий сабаблари қуйидагича:

— ҚҚС юқори ставкаси (20%),

— ҚҚС тўлашда индивидуал имтиёзларнинг мавжудлиги ва ҚҚС тўлашдан бир қатор соҳаларнинг озод қилингани,

— ҚҚС ва даромад солиғи маъмурийчилигининг мураккаб тартиблари.

Шуни ҳам инобатга олиш керакки, ҚҚСнинг юқори ставкаси икки солиқ тартиби ўртасидаги солиқ юкидаги тафовутнинг сақланиб қолишининг асосий сабаби эмас, балки маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини пасайтириш омили ҳисобланади: бизнинг минтақавий қўшниларимиз — Қозоғистон ва Қирғизистонда — ҚҚС ставкаси 12%.

 

Экспертлар кенгаши қуйидагиларни тавсия қилади:

  1. ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 12 фоизгача пасайтириш, шу билан бирга, ҚҚС ва бошқа солиқлар ҳамда божхона тўловлари бўйича имтиёз ва истисноларни бекор қилиш.
  2. Солиқ маъмуриятчилиги харажатларини камайтириш бўйича комплекс ишларни амалга ошириш, шу жумладан:
  • ҚҚС ва даромад солиғини ҳисоблаш ва тўлаш тартибини соддалаштириш;
  • Ягона солиқ тўлови (ЯСТ) ва соддалаштирилган ҚҚСнинг алоҳида ставкаларини, хусусан умумий овқатланиш соҳаси учун қайта кўриб чиқиш.

Асос: «Солиқ ислоҳотларини амалга ошириш ва қўшимча қиймат солиғини қўллаш соҳасини кенгайтириш муаммолари» юзасидан таҳлилий маълумотнома».

Маълумот

2019 йилнинг август ойида Iqtisodiy rivojlanishga ko’maklashish markazi / Центр содействия экономическому развитию «ISLOHOTLAR VEKTORI» / «ВЕКТОР РЕФОРМ» лойиҳасини бошлади. Лойиҳа бир гуруҳ олимлар ва ишбилармонлар ташаббуси билан ташкил этилди. Лойиҳага бўлган эҳтиёж узоқ муддатли ўсиш стратегиясини шакллантириш ва амалга оширишда, мамлакатда бизнес юритиш учун қулай муҳит яратишда тадбиркорлар, экспертлар, фаол фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига ёрдам бериш истаги билан белгиланади. Лойиҳа ташаббускорларининг фикрича, ушбу мақсадга эришиш учун ҳокимиятларнинг бизнес ва илмий-таҳлилий ҳамжамият билан тўлиқ шериклиги зарур.

Ўзбекистон Президенти фуқаролик жамиятининг салоҳиятини ишга солиш зарурлиги тўғрисида доимий равишда гапириб келади. 2018 йил 4 майда эса Президентнинг «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

«ISLOHOTLAR VEKTORI» / «ВЕКТОР РЕФОРМ» лойиҳасининг миссияси: лойиҳаси Ҳукумат, Бизнес, Экспертлар ҳамжамияти ва Фуқаролик жамияти ўртасида ижтимоий мулоқотни фаоллаштириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни таҳлилий қўллаб-қувватлаш орқали рақобатбардош бозор иқтисодиётини барпо этишга ёрдам беришдан иборат.

Миссия қуйидагилар орқали амалга оширилади:

— жамоатчилик, бизнес вакиллари, ҳукумат ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирокида кенг муҳокамаларни ташкил этиш;

— эксперт баҳолашлари ва тадқиқотларини ташкил этиш ва молиялаштириш;

— тренинглар, давра суҳбатлари, семинарлар, конференцияларни ташкил этиш ва молиялаштириш;

— мақолалар, таҳлилий материаллар тайёрлаш.

Мамлакатнинг етакчи олимлари, иқтисодчилари ва ишбилармонларидан иборат Экспертлар кенгаши «ISLOHOTLAR VEKTORI» / «ВЕКТОР РЕФОРМ» лойиҳасининг ақлий маркази ҳисобланади. «ISLOHOTLAR VEKTORI» / «ВЕКТОР РЕФОРМ» лойиҳасининг Экспертлар кенгаши таркиби: http://ced.uz/wp-content/uploads/CHleny-Ekspertnogo-Soveta.pdf.

«ISLOHOTLAR VEKTORI» / «ВЕКТОР РЕФОРМ» лойиҳаси қуйидаги тадбирларнинг амалга ошишида кўмак беришига ташаббускорлар умид қилишмоқда:

— мавжуд муаммоларни аниқлаш ва мамлакатни ривожлантириш йўлларини ишлаб чиқиш мақсадида Ҳукумат, Бизнес, Экспертлар ҳамжамияти ва Фуқаролик жамияти ўртасида мулоқот ва қайта алоқани йўлга қўйиш;

— ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳада қабул қилинаётган қарорларнинг сифатини ошириш мақсадида ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар ва экспертизаларни ташаббус қилиш;

— қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий актлар сифатини ошириш;

— давлат ва илмий-тадқиқот тузилмаларининг таҳлилий салоҳиятини ошириш;

— бизнес муҳитини яхшилаш ва бизнес юритиш харажатларини камайтириш орқали маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш;

— мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тезлаштириш, даромад ва бандликни оширишга кўмаклашиш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш.

 

Поделиться
ru_RURussian